“Автоматика ва телемеханика” кафедраси “Темир йўл транспортида автоматика, телемеханика ва алоқа” кафедраси номи билан 1961 йилда “Автоматика, телемеханика ва алоқа” факультети таркибида ўз фаолиятини бошлади. Кафедранинг биринчи мудири сифатида “Қозон темир йўллари”да бош муҳандис лавозимида ишлаган А.А. Плотников фаолият юритди.

1964 йили “Темир йўл транспортида автоматика ва телемеханика” кафедраси алоҳида кафедра сифатида ажралиб чиқди ва кафедра мудири бўлиб А.В. Гудков фаолият юритди.

Кафедранинг лаборатория базасини ривожланитиришда Л.С.Хлызов ва доцент Ю.А.Смоляницкийлар катта хисса қўшишди.

Кейинчалик доцент Ф.А. Назаров томонидан лаборатория базалари янада бойитилди:

Доцент В.Г.Строков раҳбарлигида “Диспетчерлик марказлаштириш”, “Электр манба таъминоти”;

Доцентлар М.М.Алиев, Ю.А.Смолницкий ва Ю.А.Полевой раҳбарлигида “Автоблокировка ва автоматик локомотив сигнализацияси”;

Доцент Г.Р.Рахметов томонидан “Автоматиканинг назарий асослари”, “Дискрет қурилмалар”;

Доцент Ш.Р.Хорунов раҳбарлигида “Темир йўл транспортида махсус ўлчовлар” лабораториялари ташкил этилди.

2006 йилдан 2017 йилга қадар кафедра мудири сифатида доцент А.Р.Азизов фаолият юритди. Доцент А.Р.Азизов раҳбарлигида “Темир йўл транспортида микропроцессорли қурилмалар ва бошқарув тизимлари”, бундан ташқари виртуал лабораторияларини ўтказиш мақсадида компьютер хоналари ташкил қилинди.

Кафедра аъзолари доимий равишда илмий-тадқиқот ва илмий-услубий ишлар билан шуғулланиб келади. Илмий-тадқиқот ишларининг асосий йўналиши тежамли технологиялар, темир йўл автоматика ва телемеханика микропроцессорли қурилмалари ва бошқарув тизимларини яратиш, уларни ташқи таъсирларга чидамлилигини текшириш ва мураккаб электротехник тизимларни тадқиқ этиш ҳисобланади.

Кафедранинг илмий изланиш натижалари “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК да тадбиқ этилган. 1998 йил В.Г.Строков раҳбарлигида аккумулятор манбасисиз доимий ток рельс занжири ва аккумулятор манба тизимисиз доимий ток автоблокировка ишлаб чиқилди. Ҳозирги вақтда бу тизимлар Кўнғирот, Бухоро, Урганч, Қарши сигнализация ва алоқа дистанцияларини 590 км перегонида қўлланилиб келмоқда. Ушбу тизим тадбиғи “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК га 70 минг АҚШ доллари миқдорида иқтисодий фойда келтирган. Мавзу бўйича изланишлар давом этмоқда ва аккумуляторсиз рельс занжирлари станцияларда ҳам қўлланила бошланган.

2005 йили “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК Сигнализация ва алоқа маркази раҳбарлиги томонидан ўқув жараёнида фойдаланиш учун кафдера ихтиёрига ДИСК-Б қурилмаси тақдим этилган.

2008 йил доцент А.Р.Азизов раҳбарлигида “ЛУЧ” диспетчерлик марказлаштириш тизими чизиқли пунктида теленазорат сигналини шакллантириш ва телебошқариш сигналини декодлаш бўйича микропроцессор қурилмаси ишлаб чиқилган.

Кафедра аъзолари Ўзбекистон темир йўлларида тез юрар ҳудудлар учун меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда фаол қатнашмоқдалар.

Тошкент темир йўл муҳандислари институтида бир нечта илмий тадқиқот лабораториялари очилган. Улардан бири “Сигналлаштириш, марказлаштириш ва алоқа” илмий тадқиқотлар лабораторияси бўлиб, доцент А.Р. Азизов бошчилигида “Темир йўл транспортида автоматика ва телемеханика” кафедраси хузурида 2014-йили ташкил этилди. Ушбу илмий тадқиқот лабораториясида А.Р. Азизов кейинчалик Ж.Ф. Курбанов лаборатория мудири сифатида фаолият олиб бордилар.

2018 йил Тошкент темир йўл муҳандислари институти хузурида ташкил этилган илмий даражалар берувчи PhD.28.06.2018.T.73.01 ракамли илмий кенгашда кафедрамизнинг қуйидаги ёш ўқитувчилари Д.Х. Рихсиев, Э.К. Аметова 05.08.03 – «Темир йўл транспортини ишлатиш» йўналиши бўйича PhD диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилишди. Д.Х. Баратов ҳамда Ж.Ф. Курбанов шу йўналиш бўйича DcS диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилишди. Кафедрамизнинг ассистентлари А.Н. Садиков, А.А. Саитов, Ф.Ф. Шакировалар ушбу йўналиш бўйича PhD диссертация мавзулари устидан илмий изланишлар олиб бормоқдалар

Россия Федерациясининг темир йўл соҳасидаги илғор университетлари билан ҳамкорлик туфайли кафедранинг ёш ўқитувчилари Д.Х. Баратов, С.Т. Болтаев, ва Г.А. Бекбаевлар Петербург давлат темир йўл университети аспирантурасини тамомладилар ва номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилишди. Кафедра ассистентлари Р.Б. Абдуллаев, О.Қ. Ваисов, А.А. Рахмонбердиев Петербург давлат темир йўл университети аспирантурасида, Д.Х. Рузиев Москва давлат темир йўл университети аспирантурасида таҳсил олмоқдалар.

Хозирги кунда “Автоматика ва телемеханика” кафедраси мудири бўлиб DcS доцент Ж.Ф. Курбанов, хона мудири Н.Рахимов ва лаборантлар Б.Ғ. Эргашев, Э.Г. Хўжамқулов, Э.Б. Жониқулов фаолият юритмоқдалар.

Кафедрадаги профессор-ўқитувчиларининг таркиби 36 тани ташкил этади, улардан асосий штатда 16 та, ўриндош штатда 16 та ва соатбай штатда 4 та педогог ходимлар ўз фаолиятларини юритадилар.

Кафедра ўқитувчилари томонидан ўнлаб илмий мақолалар босмадан чиқарилган, ихтирога муаллифлик ҳуқуқи ва патентлар олинган. Кафедранинг илмий изланишларида талаба ва магистрантлар жалб қилинадилар.