Фаолияти ва тарихи

Тошкент темир йўл муҳандислари институти 1931йилда ташкил этилган. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, шундан бери ҳозиргача ўтган давр  “Ижтимоий фанлар”  кафедрасининг ҳам босиб ўтган йўли ҳамда  шонли тарихидир. Зеро, шу давр ичида мазкур кафедра минглаб мутахассисларнинг ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-маънавий дунёқарашларини шакллантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келди ҳамда бу маъсулиятли вазифани замон руҳига ҳамнафас бўлган ҳолда давом эттирмоқда.

1931 йилда институтнинг ташкилий тузилиши белгиланганда ижтимоий фанларга доир иккита кафедра – “Ижтимоий фанлар” кафедраси ва “Сиёсий иқтисод” кафедраси ташкил этилган эди. 1932 йилнинг апрел ойига келиб бу  кафедралар бирлаштирилиб, “Ижтимоий–иқтисодий фанлар” кафедраси номи билан  фаолият кўрсата бошлайди.

Уруш йилларида институтда яна иккита кафедра–“Марксизм–ленинизм” кафедраси ва “Сиёсий иқтисод” кафедраси фаолият кўрсатган.

1962 йилга келиб “Марксизм–ленинизм” кафедраси иккита мустақил кафедрага– “КПСС тарихи”  кафедраси ва “Марксча-ленинча фалсафа” кафедрасига ажратилган. “Марксча-ленинча фалсафа” кафедрасини институтнинг биринчи ўқитувчиларидан бўлмиш, фалсафа фанлари номзоди, доцент Н.И.Шульгина бошқарган ва бу кафедрада фалсафа, этика, эстетика, илмий атеизм асослари, социализм назарияси, мантиқ каби фанлар ўқитилган.

1963-1964 ўқув йилидан бошлаб, ўқитилаётган ижтимоий фанлар қаторига яна бир янги фан–“Илмий коммунизм асослари” киритилган. Шу муносабат билан “Марксча-ленинча фалсафа” кафедраси “Фалсафа ва илмий коммунизм” кафедрасига айлантирилган. Шу йилдан бошлаб кафедрани тарих фанлари номзоди, доцент Ш.А. Зухриддинов бошқара бошлаган. 1976 йилдан эътиборан илмий коммунизм фани бўйича давлат имтиҳони жорий этилиши муносабати билан ўқув юкламаси кескин ошиб кетган. Натижада институт илмий кенгашининг қарорига асосан алоҳида “Илмий коммунизм” кафедраси ташкил этилган ва бу кафедрани доцент Ш.А. Зухриддинов бошқаришда давом этган. “Фалсафа” кафедрасини эса фалсафа фанлари номзоди, доцент М.У.Усмонов бошқарган. Кейинчалик Ш.А. Зухриддиновнинг докторлик диссертациясини ёзиш ва ҳимоя қилиш учун ижодий таътилга чиқиши муносабати билан “Илмий коммунизм” кафедрасини турли йилларда доцентлардан В.И.Железовская, Т.Е.Ирисбаева, П.Н.Расул-Зодалар бошқарганлар. 1988 йилда “Фалсафа” ва “Илмий коммунизм” кафедралари қайта бирлаштирилган ва кафедра мудири этиб тарих фанлари доктори, профессор Ш.А.Зухриддинов сайланган. 1990 йилда кафедра институт илмий кенгашининг қарори билан “Фалсафа ва социализм назарияси” кафедраси деб номланган, кейинчалик эса  “Фалсафа ва сиёсатшунослик” кафедрасига айлантирилган.

1992 йилда кафедрани фалсафа фанлари номзоди, доцент М.Ғ. Ғаниев, 1994-1997 йилларда эса фалсафа фанлари номзоди, доцент Г.А. Содиқовалар бошқарганлар.

1997 йилда институтнинг ижтимоий-гуманитар фанлар кафедралари бирлаштириб юборилган ва бу ягона кафедрани тарих фанлари номзоди, доцент Б.Э.Йўлдошев бошқарган. 1998 йилнинг августидан “Фалсафа ва сиёсатшунослик” кафедраси мустақил кафедра сифатида қайта ташкил этилган. Янги ташкил этилган кафедрани 2000 йилнинг сентябригача фалсафа фанлари номзоди, доцент К.Н.Ирисбоев бошқарган.

2000 йилнинг ноябридан 2003 йилнинг ноябригача кафедрани фалсафа фанлари номзоди, доцент Ш.Қ. Раҳмонова,  2003 йилнинг ноябридан 2011 йилнинг сентябригача  тарих фанлари номзоди, доцент Э.Ғойибназаров бошқарган. 2011 йилнинг сентябридан хозирги кунга қадар кафедрага фалсафа фанлари доктори, проф. Ж.С.Раматов раҳбарлик қилмоқда.

“Фалсафа ва сиёсатшунослик” кафедрасининг юқорида баён этилган қисқача тарихидан кўриниб турибдики, унинг тақдири турли хил даврларнинг, ўзгариб ва янгиланиб бораётган замоннинг нафаси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ўзгариб борган, фаолият доираси кенгайиб, такомиллашиб борган. Кафедра ҳар бир даврнинг ўзига хос юксак талабларига муносиб равишда жавоб бериб келмоқда. Ўтган давр мобайнида кафедрада кўплаб малакали ва иқтидорли ходимлар фаолият кўрсатишган. Кафедра жамоаси ўзининг устозлари, кафедра фаолиятининг бошланишида турган забардаст олимлар-“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби”, “Фахрий темирйўлчи” унвонлари, “Ҳурмат белгиси” ордени соҳиби Н.И. Шульгина ҳамда уруш фахрийси, “Туркманистон ССРда хизмат кўрсатган транспорт ходими” унвонига сазовор бўлган Ш.А. Зухриддиновнинг номларини доимо ҳурмат ва ғурур билан ёдда сақлайди ва эъзозлайди.

Кафедрада турли йилларда доцентлар  М.Т. Аминжонова, В.И. Железовская, И.С. Пономарёва, А.К. Торопович, Д.И. Бернштейн, Г.А. Содиқова, М.Ғ. Ғаниев, К.Н. Ирисбоев, Т.Е. Ирисбоева, Т.Т. Алимардонов, Э.С. Султонова, Ё. Қ. Қодирова, Н.А. Азимова, З.Р. Муҳамедова, катта ўқитувчилар  А.Н. Юнусхўжаев, М.М. Нишонов, Н.П.Кузьмичёва, А.Ш.Тохирён, М.З.Мамадалиева, ассистентлар Т. Тошпўлатов, Ш. Файзиев, Ё.М. Мираҳмедова ва бошқа кўпгина ўқитувчилар самарали фаолият кўрсатганлар.

2017 йилга келиб “Фалсафа ва сиёсатшунослик” ва “Ўзбекистон тарихи, иқтисодиёт назарияси ва ҳуқуқ” кафедралари қўшилиб, институтда ижтимоий фанлардан машғулотлар олиб борувчи ягона “Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси ташкил этилди.

Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби транспорт тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар бўлмоқда.  Мамлакатда транспорт соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 4 майдаги ПҚ-4703-сонли қарорига кўра Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ҳамда Тошкент давлат техника университетининг авиакосмик технологиялари факультети асосида Тошкент давлат транспорт университети ташкил этилди. Шу муносабат билан Тошкент темир йўл муҳандислари институтининг “Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси ва Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтининг “Ижтимоий фанлар” кафедраси бирлаштирилди.

Шу ўринда Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтининг “Ижтимоий фанлар” кафедраси ҳақида қуйидагиларни маълум қиламиз. “Ижтимоий фанлар” кафедраси 1972 йил Тошкент автомобиль йўллари институти ташкил этилиши муносабати билан ўз фаолиятини бошлаган ва ўтган йиллар давомида ижтимоий фанлардаги ўзгаришлар туфайли “Фалсафа”, “Фалсафа ва психология”, “Фалсафа ва сиёсатшунослик”, “Фалсафа ва маънавият асослари” номлари билан аталган.  2016 йилдан буён эса «Ижтимоий фанлар» деб номлана бошлаган. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, мазкур кафедрада 1972-1984 йилларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистан Фанлар Академиясининг академиги, Беруний номидаги Давлат мукофоти соҳиби, фалсафа фанлари доктори, профессор Пўлатов Хайдар Пўлатович, 1997-1999 йиллар мобайнида фалсафа фанлари доктори, профессор Мамашокиров Саидмурод Мамашокирович каби Ўзбекистоннинг забардаст файласуф олимлари фаолият кўрсатган.

Ягона жамоага айланган “Ижтимоий фанлар” кафедрасида бугунги кунда 32 нафар малакали профессор-ўқитувчилар бакалавр босқичи талабаларига “Фалсафа”, “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи”, “Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси. Фуқаролик жамияти”, “Психология”, “Касбий педагогика”, “Касбий таълим методикаси”, “Муҳандислик психологияси”, “Тарбиявий ишлар методикаси”, “Маркетинг психологияси”, “Таълим технологиялари” каби фанлардан чуқур билим бериб келмоқда.

Ҳозирги кунда транспорт тизими учун малакали кадрлар тайёрлаш жараёнида талабаларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-аҳлоқий, ғоявий-мафкуравий дунёқарашларини шакллантириш иши билан кафедра фахрийлари ва салоҳиятли ўқитувчилари фан докторлари – Ж.С. Раматов, Р.О.Носиров, доцентлар- Ш.Қ.Раҳмонова, Б.Э.Юлдашев, Д.Р.Расилов, Н.Ю.Жўрабоев, Н.Ш.Юнусова, Р.Ш.Умарова, Р.Х.Худойберганов, Х.Я.Шарифбаева, Б.Л.Салимов, Р.Ў.Баратов, Ҳ.И.Ражабовлар, катта ўқитувчилар  –  С.Т. Собирова, Д.Х.Абдуллаев, Х.Т.Чўлпонова, Г.Б.Абдукаримова, Н.Ж.Назарова, М.И.Рахимова, И.Б.Мирзаев, Ф.А.Кушаков, Л.У.Акбарова, Э.А.Тўхтабоев, Д.З.Комиловлар,  ўқитувчилар С.В. Темирова, Ў.К.Эрниёзов, Б.К.Маликов, Г.А.Абдуганиева, Л.А.Валиев, Б.Д.Сайфуллаев, А.А.Рахмонов, Э.М.Шамсиддинова, М.Н.Ҳасанов, Д.А.Абдуразаковалар  самарали равишда фаолият кўрсатмоқдалар.

2020-2021 ўқув йилида пандемия муносабати билан таълим жараёни он-лайн форматда масофавий таълим шаклида ташкил қилинди. Кафедра профессор-ўқитувчилари барча фанлардан тайёрланган маълумотларни электрон модуль платформасига жойлаштирдилар. Шунингдек, Zoom дастуридан фойдаланган ҳолда ҳам маъруза ва амалий машғулотлар олиб борилмоқда.

Ўтказилган маъруза ва семинар машғулотларининг сифат ва савияси доимо кафедра мажлисларида муҳокама қилиб борилади, илғор тажрибалар ривожлантирилиб, нуқсон ва камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилади. Кейинги йилларда ўқитувчилар томонидан ўзаро дарсларга кириш ва очиқ дарслар ўтказишнинг сони ортиб бормоқда.

Кафедра жамоаси ўзларининг илмий, илмий-услубий ва педагогик фаолиятининг асосий йўналишини – янгиланаётган Ўзбекистонда жамиятни демократлаштиришнинг, унинг маънавиятини янада юксалтириш, қолаверса, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган даъваткор ғоянинг мазмун-моҳиятини талабалар онги ва қалбига сингдиришга қаратган.

Мустақилликка эришилгандан кейин Республикамиз тараққиётида халқимизнинг бой маънавий салоҳияти ва умуминсоний қадриятларга ҳамда ҳозирги замон цивилизациясининг сўнгги ютуқларига асосланган таълим тизими барпо этилди. Янгиланаётган Ўзбекистонда олий таълим тизимини тубдан ислоҳ этишда кўплаб меъёрий ҳужжатлар тасдиқланди. Бозор иқтисодиёти муносабатларига асосланган адолатли демократик фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат моҳиятини англаб етадиган ҳамда уни барпо этишда фаол иштирок этадиган, ўзида дахлдорлик ҳиссини туйган, мустақил фикр юритувчи юқори малакали мутахассисларнинг ғоявий-маънавий ва назарий тайёргарлигини таъминлаб бериш – кафедра фаолиятининг бош мақсадига айланди.

Бу мақсадга эришиш учун кафедра ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сонли, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сонли фармонлари, “Транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 4 майдаги ПҚ-4703-сонли қарорлари ижросини таьминлаш, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда университет илмий кенгашининг қарорлари ҳамда университет ректорининг буйруқларини сифатли даражада бажариб келмоқда.

Кафедрада профессор-ўқитувчиларининг илмий-назарий, ғоявий ва педагогик савияларини таълимнинг замонавий талабларига мослаштириш мақсадида кафедрада “Янги ахборот ва педагогик технологияларни  таълим жараёнига татбиқ этиш” илмий-услубий семинари ташкил этилган. Семинар-тренинглар юқори малакали педагогларимиз томонидан ташкил этилиб, мазкур семинар-тренингларда университетнинг бошқа кафедраларидан ҳам ёш педагог кадрлар иштироки таъминланган.

Кафедра жамоаси М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Қозоғистон Республикасидаги Ал-Форобий номли Қозоқ миллий университети, Мухтор Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон  давлат университети,  Қирғизистон Республикаси Ўш давлат университети, Қозоғистоннинг Гумилёв номли Евроосиё университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Истиқболда халқаро инновацион ҳамкорлик ишлари кўламини янада кенгайтириш устида чуқур ўйланган режалар ишлаб чиқилган.

Кейинги йилларда ҳукуматимиз томонидан олий таълим тизимини илмий салоҳиятга эга кадрлар билан таъминлашни назарда тутувчи бир қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Кафедрада 2018 йилдан докторантура ва таянч докторантура ташкил қилинди ҳамда доцент Маткаримова Ж.Д. докторантурага, Баратов Р.Ў., Ражабов Ҳ.И. таянч докторантурага қабул қилиндилар. 2019 йилда  ассистентлар  Муратова Д.А. ва Жуманиёзова Н., 2020 йилда ассистент Султонов С.Ҳ. таянч докторантурага қабул қилиндилар.

2018-2020 йилларда кафедра таянч докторантлари Ражабов Ҳ.И. ва Баратов Р.Ў. диссертация ишларини муддатидан олдин муваффақиятли ҳимоя қилдилар. 2020 йил сентябр ойида кафедра таянч докторанти Д.А.Муратованинг муддатидан олдин 09.00.04-Ижтимоий фалсафа ихтисослигидан фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрлаган диссертацияси Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги DSc.30.12.2019.F.01.05 рақамли Илмий Кенгашга ҳимояга қабул қилинди.

2020 йил сентябрида кафедра докторанти Ж.Д. Маткаримованинг 09.00.02 – Онг, маданият ва амалиёт шакллари фалсафаси ихтисослигидан фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрлаган диссертация иши, кафедра мустақил изланувчиси Д.З.Комиловнинг  09.00.04-Ижтимоий фалсафа ихтисослигидан фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрлаган диссертация иши кафедра муҳокамасидан ўтказилиб, Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги DSc.30.12.2019.F.01.05 рақамли Илмий Кенгашга топширилди.

Профессор-ўқитувчилардан Чўлпонова Х.Т., Назарова Н.Ж. Ўзбекистон Республикаси “Маънавият ва маърифат Маркази” да, Рахмонов А.А. Ўзбекистон миллий университетида, Салимов Б.Л., Маликов Б.К. Тошкент давлат транспорт университетида мустақил изланувчи сифатида илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар. Буларнинг барчаси кафедрада ўзига хос фалсафий мактаб шаклланаётганлигидан далолат беради.

Бугунги кунда кафедрага Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтининг “Ижтимоий фанлар” кафедрасидан келиб қўшилган доцентлар  Р.Умарова  09.00.03. – фалсафа тарихи ихтисослигидан , Р.Худайберганов 09.00.01-онтология, гносеология ва мантиқ ихтисослигидан (DSc), ассистентлар М.Хасанов 09.00.03-фалсафа тарихи ихтисослигидан, Э.Шамсиддинова 09.00.02 – Онг, маданият ва амалиёт шакллари фалсафаси ихтисослигидан  мустақил изланувчи сифатида диссертация мавзуларини тасдиқлатиб, илмий-тадқиқот ишларини олиб боришмоқда.

Кафедра жамоасининг бугунги кундаги илмий салоҳияти ўртача 50 фоизни ташкил этади. Кафедра илмий салоҳиятини ошириш бўйича мақсадли параметрлар ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирги кунда кафедрада ёш педагог кадрлар илмий-тадиқиқот ишларини олиб бормоқдалар.  Кафедра жамоасининг ўртача ёши 46 ёшни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Инновация вазирлиги томонидан эълон қилинган давлат грантларида кафедра 2 та амалий лойиҳа доирасида илмий-тадқиқот олиб борди.Булар:

1.Умумий қиймати 97,5 миллион сўм бўлган ҳамда 2017-2018 йилларга мўлжалланган БВА-1-001 “Ўзбекистон темир йўл транспорт тизимида баркамол шахс ва малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш стратегияси” мавзусидаги давлат грантида Ж.С. Раматов, Ж.Д. Маткаримова, Р.Ў. Баратов, Н.Ж. Назаровалар фаолият олиб боришди. Грант доирасида белгиланган режа муваффақиятли якунланди ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ҳисобот топширилди.

  1. Умумий қиймати 300 миллион сўм бўлган ҳамда 2018-2020 йилларга мўлжалланган ПЗ-20170930369 “Глобаллашув шароитида тинчлик ва барқарорликка таҳдид солувчи ғоявий, мафкуравий ва ахборот хуружларига қарши курашишнинг замонавий механизм ва технологиялари яратиш” мавзусидаги давлат гранти Ж.С.Раматов, Ҳ.И.Ражабов, Б.Л.Салимов, С.Ҳ.Султоновлар томонидан бажарилмоқда.

Кафедра доценти Р.Худайберганов “Олий таълим муассасалари талабалари учун тил фалсафасини ўрганиш бўйича электрон платформасини яратиш” мавзусида, доцент Ж.Маткаримова “Ўзбекистон темир йўл транспорти тизимида ёш мутахассисларнинг касбий психофизиологик мослашувидаги психологик тўсиқлар ва уларни бартараф этиш йўллари” мавзусида, Доцент Б.Салимов  “Ўзбекистон Республикасининг транспорт ва коммуникация тизимини модернизациялашувининг ижтимоий-фалсафий ассослари” мавзусидаги грант лойиҳалари ҳужжатлари  Ўзбекистон Республикаси Инновация вазирлигига топширилган.

Кафедра университет миқёсида талаба-ёшларни маънавий, маърифий ва ахлоқий фазилатларини юксалтириш юзасидан кенг кўламли тарбиявий фаолиятни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, кафедра аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган қатор тадбирларни мазмунли ўтказилишида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Кафедранинг тажрибали профессор-ўқитувчиларидан Раматов Ж.С., Юлдашев Б.Л., Рахмонова Ш.Қ., Юнусова Н.Ш., Темирова С.В., Салимов Б.Л., Ражабов Ҳ.И., Баратов Р.Ў., Комилов Д.З., Маликов Б.К. лар турли ташкилот ходимларига ижтимоий, сиёсий, маънавий ва маърифий мавзуларда маърузалар ўқиб келмоқда.

Шу билан бирга кафедра жамоаси “Ижтимоий фанлар” кафедраси қошида “Транспорт соҳасидаги ижтимоий муаммоларни тадқиқ қилиш” илмий марказ ташкил этиш, Тошкент давлат транспорт университети ҳузурида 09.00.02- Онг, маданият ва амалиёт шакллари фалсафаси, 09.00.04 – Ижтимоий фалсафа ихтисосликлари бўйича илмий даражалар берувчи илмий Кенгаш ташкил этиш, Туркий тилли давлатларнинг  ўзаро интеграциялашув истиқболлари (ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, илмий ва диний йўналишлар мисолида) лойиҳасини ишлаб чиқиш, Университет расмий сайти негизида кафедранинг сайтини яратиш ва талабаларнинг ижтимоий тафаккурини ривожлантиришга хизмат қилувчи онлайн телеграм каналини ташкил этиш  каби истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида изланишлар олиб бормоқда.

Кафедра профессор-ўқитувчилари ўз билим ва педагогик маҳоратларини муттасил равишда ошириб, таълим-тарбия жараёнининг самарадорлигини таъминлаш борасида фаолият олиб бормоқдалар. Бу эса баркамол авлодни шакллантириш, уларнинг маслак ва эътиқодини мустаҳкамлаш, қолаверса, Янгиланаётган Ўзбекистонимизга муносиб кадрлар  етиштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Кафедрада профессор – 2 та, доцент – 10 та, катта ўқитувчи – 10 та.

Кафедрада Фалсафа, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи, Диншунослик, Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси.Фуқаролик жамияти, Касб таълими методикас, Таълим технологияси, Касбий психология, Маркетинг психологияси, Тарбиявий ишлар методикаси фанлари ўқитилади.

Ижтимоий фанлар кафедраси умумий юкламаси 27 600 соатдан ортиқ.Ундан 4 600 соатга яқинни маъруза соатларини ташкил этган.