Фаолияти ва тарихи

Республика транспорт соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, тизимни илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида тубдан такомиллаштириш, таълим жараёнига ўқитишнинг инновацион услублари ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда соҳанинг илмий салоҳиятини янада ошириш мақсадида мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 4 май куни

«Транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ҳамда Тошкент давлат техника университетининг авиакосмик технологиялари факультети бирлаштирилиб, 2020 йил 2 сентябрь куни Тошкент давлат транспорт университети ташкил қилинди.

          Тошкент давлат транспорт университети Умумтаълим факультетида Тошкент темир йўл муҳандислари институти “Олий математика” кафедраси ва Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти “Математика” кафедраси бирлаштирилиб, “Олий математика” кафедраси  ташкил этилди. Ана энди аввалги кафедралар фаолияти ва тарихига тўхталамиз:

Тошкент темир йўл муҳандислари институти

“Олий математика” кафедраси фаолияти ва тарихи

Кафедрага 1931 йили асос солинган. Кафедра ташкил қилинган даврдан буён унга доцентлар А.М.Николаев, В. Е. Сливинский, профессорлар А.А.Кулаков, Р.Я.Сунчелеевлар раҳбарлик қилишган. Узоқ йиллар давомида,  1971 йилдан 2007 йилгача кафедрани Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, ЎзРФА академиги, профессор Александр Фёдорович Лаврик бошқарган ва кафедрада илмий-педагогик, ижодий, иноқ коллектив жамлашга эришган.

Турли йиллари кафедрада математика соҳасида машҳур бўлган олимлар: профессорлар А. Ортиқбоев, И. Ғ. Ғаниев, Ф. А. Сукочев,  доцент К. М. Мухамедов, доцентлар, ф.-м.н. В. А. Глазнев, А. Ф. Золин, Л. А. Золина, М. С. Сагитов, И. В. Поляков, техника фанлари номзодлари, доцентлар С. М. Бершадский, И. С. Теплитский, Н. Е. Решетов, катта ўқитувчилар Н. А. Фуксман, З. Г. Марчукова, В. Л. Бочкарева, М. Э. Икромова, Л. Г. Жукова, Ф. Р. Нуриддинов, А. Т. Тўрақулов ва бошқалар ишлаган.

Кафедрада олиб борилган асосий илмий тадқиқотлар замонавий фундаментал тадқиқотларнинг аналитик сонлар назарияси, функционал анализ, эҳтимоллар назарияси, замонавий геометрия масалалари, дифференциал тенгламалар ва уларнинг татбиқлари каби соҳаларини ўз ичига олди.

Бир неча ўн йиллар давомида кафедранинг илмий тадқиқотлари сифатида аналитик сонлар назарияси муҳим ўрин эгаллади. Бу соҳада А. Ф. Лаврик томонидан 100 дан ортиқ илмий ишлар чоп этилди. Уларнинг кўпчилиги инглиз тилига таржима қилинди ва бир неча марта Америка математика жамияти томонидан қайта нашр қилинди. А. Ф. Лаврикнинг илмий хизматлари кенг жамоатчилик томонидан тан олинди ва унга А. А. Марков номидаги халқаро мукофот берилди, 2000 йили эса Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Кафедрада олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг яна бир туркуми функционал анализ ва унинг бошқа йўналишлар билан боғлиқ изланишларга таълуқлидир. Бу соҳанинг мамлакатимизда ривожланишига кафедра профессорлари И. Ғ. Ғаниев, А. А. Рахимов, доцентлари М. А. Бердиқулов, Б. С. Зокиров ва Д. Б. Эшмаматоваларнинг илмий ишлари катта хисса бўлиб қўшилаётганини эътироф этиш мумкин. Олган натижалари, республикамизда ва чет элларнинг нуфузли журналларида чоп этган илмий мақолалари туфайли кафедранинг бу олимлари нафақат юртимизда, балки унинг узоқ сарҳадларида ҳам таниқли математиклар бўлишди.

Профессор А. Ортиқбоев, доцентлар А. М. Каримов, Б. Т. Эгамбердиев, К.У Атаханов, Л. Ж. Шарипова, Р. Ш. Исанов ва катта ўқитувчи Ф. Р. Нуриддиновлар томонидан олиб борилган илмий тадқиқотлар туфайли замонавий геометрия масалалари, дискрет математика, аналитик сонлар назарияси, эҳтимоллар назарияси, математик физика ва механиканинг дифференциал тенгламалари, комплекс ўзгарувчили функциялар назарияси каби соҳаларида сезиларли ютуқларга эришилди.

Мустақиллик йиллари кафедра аъзолари томонидан 2 та докторлик, 2 та номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди ва битта докторлик диссертацияси тайёрланди. Кафедра математиканинг турли соҳаси бўйича юқори малакали мутахассислар билан кенгайди. Кафедрада физика – математика фанлари доктори, профессор А. Ортиқбоев раҳбарлигида илмий семинар иш юрита бошлади.  Ўзбекистон республикаси ОАҚ қарори билан «Тошкент темир йўл муҳандислари институти»га, Олий математика кафедраси асосида, физика – математика фанлари доктори ва физика – математика фанлари  номзоди илмий даражасини олиш учун тавсия қилинган диссертацияларга тақриз бериш ҳуқуқи берилди ва институт етакчи ташкилотлар рўйхатига киритилди.

Кафедра олимлари илмий ишлар олиб бориш қатори илмий ва педагогик кадрлар тайёрлаш бўйича ҳам кўп вазифаларни амалга оширмоқдалар. Хусусан, профессор А. Ортиқбоев томонидан 3 та, профессор И. Ғ. Ғаниев томонидан битта физика-математика фанлари номзоди тайёрланган.

Кафедра олимлари мамлакатимизда математиканинг тарғибот ишларига ва математик таълим савиясини, сифатини оширишга ҳам катта эътибор қаратишмоқда. Бу йўналишда олиб борилган ишлар қаторига А. Ортиқбоевнинг Д. Д. Соколов билан ҳамкорликда ёзган «Геометрия «в целом» в плоском пространстве–времени» Тошкент, Фан, 1991, 180 б. монографиясини, А. А. Рахимовнинг, Ш. А. Аюпов, Ш. М. Усмановлар билан ҳамкорликда ёзган, инглиз тилида чоп этилган «Jordan, Real and Lie Structures in Operator Algebras» The Book: Klywer Academic Publisher, MAIA, 1997, V.418, 235 p. монографиясини, шунингдек, И. Ғ. Ғаниевнинг «Исследования по функциональному анализу», Москва, Наука, 2006 китобига киритилган, панжараларнинг ўлчовли қатламлари назариясига доир салмоқли мақоласини қўшиш мумкин.

Кафедра ўқитувчилари кўплаб илмий-методик ишлар муаллифи ҳисобланишади. Шулардан И. Ғ. Ғаниевнинг (Х. Т. Мансуров, Р. Н. Ғанихўжаевлар билан ҳамкорликда) лотин алифбосида ёзилган, 2007 йили Олий ва ўрта махсус таълим Вазирлиги грифи остида нашр қилинган «Эҳтимоллар назарияси ва математик статистика» ўқув қўлланмасини, 2008 йилда шу муаллифлар томонидан нашр қилинган «Дифференциал тенгламалар ва қаторлар» ўқув қўлланмасини, М. А. Бердиқуловнинг (А. С. Юнусов, С. И. Афонина,  Д. И. Юнусовалар билан ҳамкорликда) ёзган «Қизиқарли математика ва олимпиада масалалари».  Академик лицей, касб ҳунар коллежлари учун қўлланма. «Ўқитувчи». Ташкент. 2007. 216 б. китобини келтириш мумкин.

Кафедра олимлари кўплаб Халқаро илмий анжуманлар, конференцияларда фаол иштирок этиб келишади. И. Ғ. Ганиев, Б. С. Зокиров, М. А. Бердиқулов ва А. А. Рахимовлар 2003 йилдан 2009 йиллар оралиғида Россия Фанлар академиясининг Жануб математика институти,  Жануб федерал университети, иқтисод ва сервис Россия-Жануб давлат университети томонидан ташкил қилинадиган «Порядковий анализ и смежние вопроси математического моделирования» анъанавий Халқаро конференциясида бир неча марта иштирок этишган.  И. Ғ. Ғаниев бу конференция ташкилий қўмитасиниг аъзоси эди. А. Ф. Лаврик ва Ф. Р. Нуриддинов 2001 йили Тула шаҳрида (Россия) бўлиб ўтган «Современние проблеми теории чисел и её приложения», ИВ Халқаро конференцияда ўз маърузалари билан қатнашишди.

Кафедранинг қатор ўқитувчилари ўзларининг педагогик фаолиятларини ва сермаҳсул илмий тадқиқотларини катта жамоатчилик ишлари билан бирга олиб боришди. М. А. Бердиқулов республикамизда нашр қилинадиган «Физика, математика ва информатика» илмий-услубий журналда маъсул котиб вазифасини бажарди. Кафедранинг кўп аъзолари Қурилиш факультетида гуруҳ мураббийлари вазифасини бажариб, талабаларни тарбиялаш юзасидан катта ишларни амалга оширишди.

Кафедрада услубий-методик ишлар соҳасида ҳам катта ишлар бажарилади. Олий математика курсининг турли бўлимлари бўйича семестр ишларини бажаришга ёрдам берувчи услубий қўлланмалар чоп этилган. Асосий эътибор талабаларнинг ўтилаётган материалларга тайёргарлигига доир ва уларнинг билимларини текшириш учун оралиқ ҳамда якуний назоратларга тайёрлаш юзасидан олиб борилаётган ишларга алоқадор услубий қўлланмаларга қаратилган. Олиб борилган ишлар натижаси кафедра ходимлари томонидан нашр қилинган ўқув-методик ишларда ўз аксини топган.

Фахрий кафедра мудирлари:

Александр Фёдорович Лаврик

  • 11.1927 да туғилган, 28.05.2010 да вафот этган;
  • 1967 йилдан 2007 йилгача ТТЙМИ да фаолият юритган;
  • 1969 йилдан 2007 йилгача “Олий математика” кафедрасида кафедра мудири лавозимида фаолият юритган;
  • раҳбарлик даврида факультет ва шахсий ютуқлари хусусида ахборот:

1967 йилда “Функциональные и приближенные функциональные уравнения функций Дирихле” мавзуси бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1974 йилда А.А.Марков номли мукофот совриндори бўлган (Приближенные функциональные уравнения для дзета-функций). 1977 йилда “Ўзбекистон фахрий фан арбоби” унвонига эришган. 1987 йилда “Фахрий темирйўлчи” унвонига эришган. 1989 йилда Ўзбекистон фанлар академиясига мухбир-аъзо бўлган, ҳамда 2000 йилда академик бўлган. Бундан ташқари, СССР ҳамда Ўзбекистон миқёсида 10та медаль соҳиби бўлган. Қўл остидаги шогирдларидан олти нафари докторлик, ўн нафари эса фан номзодлиги диссертацияларини ҳимоя қилганлар.

Ғаниев Иномжон Ғуломжонович

  • 09.1959 да туғилган, 18.02.2017 да вафот этган;
  • 1987 йилдан 2011 йилгача ТТЙМИ да фаолият юритган;
  • 2007 йилдан 2011 йилгача “Олий математика” кафедрасида кафедра мудири лавозимида фаолият юритган;
  • раҳбарлик даврида факультет ва шахсий ютуқлари хусусида ахборот:

1990 йилда “Интегральное представление линейных операторов” мавзуси бўйича фан номзодлиги диссертациясини ҳимоя қилиб, физика-математика фанлари номзоди илмий даражасини олган. 2002 йилда “Измеримые расслоения решеток и некоммутативных -пространств и их приложения” мавзуси бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Ғаниев Иномжон Ғуломжонович бир қанча халқаро илмий конференцияларда иштирок этган. 2004-2011 йилларда Россия фанлар академиясининг Жанубий математика институти (Владикавказ шахри) ва Жанубий федерал университети (Ростов Донда шахри) томонидан ҳар йили ўтказиладиган халқаро илмий конференция ташкилий қўмитасининг доимий аъзоси бўлиб келган. 2011 йил август ойида Малайзия халқаро ислом университетидан профессор лавозимида ишлаш учун таклиф олган ва муҳандислик фанлари кафедрасида  2016 йил ўрталарига қадар ишлаган.